• Новости
большой логотип
isset($this->params['breadcrumbs']) ? $this->params['breadcrumbs'] : [], //]) ?>
calendar 02/07/2021 time 07:29 request->url ?> request->url ?> request->url ?>
eye 1373

Инновацион тадбиркорлик

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудларда инновацион тадбиркорликни ривожлантиришдаги ўрни(Ўзбекистон ва Япония мисолида)

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудларда инновацион тадбиркорликни ривожлантиришдаги ўрни

 (Ўзбекистон ва Япония мисолида)

 

Бекчанов Даврон Машарипович

 

 

АННОТАЦИЯ

Мақолада маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан ҳудудларда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ёндашувлари, бу борада олимлар қараш ва фикрлари ҳамда Япония тажрибаси таҳлил қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудларида инновацион тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари очиб берилиб, инновацион тизимни такомиллштириш борасида таклифлар берилган.

 

Калит сўзлар: инновация, ҳудуд, тадбиркорлик, инновацион тизим, технополис, тадқиқот марказлари, олий таълим, маҳаллий хокимият, кластер, ҳамкорлик.

 

РОЛЬ ГОСУДАРСТВЕННЫХ ОРГАНОВ НА МЕСТАХ В РАЗВИТИИ ИННОВАЦИОННОГО ПРЕДПРИНИМАТЕЛЬСТВА В РЕГИОНАХ

(На примере Японии и Узбекистана)

 

АННОТАЦИЯ

 

 В данной статье анализируются подходы развития инновационного предпринимательство со стороны государственных органов на местах, различные взгляды ученых, и анализ опыта Японии. Также, в статье раскрываются возможности развития, соответственно, и рекомендации для улучшения системы инновационного предпринимательства в регионах Узбекистана.

Ключевые слова: инновация, регион, предпринимательство, инновационная система, технополис, исследовательские центры, вышшие учебные заведении, местные органы власти, кластер, сотрудничество.  


 

THE ROLE OF STATE AUTHORITIES IN PLACES IN THE DEVELOPMENT OF INNOVATIVE ENTREPRENEURSHIP IN THE REGIONS

(In the case of Japan and Uzbekistan)

 ANNOTATION

 

This article analyzes approaches to the development of innovative entrepreneurship by local government bodies, various views of scientists and an analysis of the experience of Japan. The article reveals the development opportunities, as well as recommendations for improving the system of innovative entrepreneurship in the regions of Uzbekistan.

 

Key words: innovation, region, entrepreneurship, innovation system, technopolis, research centers, higher educational institutions, local authorities, cluster, cooperation.

Хориж мутахассисларидан Нельсон, Портер ва Хертоглар[1] тадбиркорларнинг инновацион фаолиятларини ривожлантириш қуйидаги омилларга боғлиқ бўлишини таъкидлайдилар: ҳудудда тадқиқот марказларининг (университет ва институтлар), бакалавр йўналишидаги техника олий ўқув юртларининг, тадқиқот ва конструкторлик бюроларига эга бўлган йирик корхоналарнинг, барқарор ва самарали ташкил этилган маҳаллий давлат хокимияти органларининг, хизмат кўрсатиш ташкилотларининг (ҳуқуқий, молиявий, консалтинг), венчур фирмалар учун инфратузилмаларнинг ҳамда юқори малакали ишчиларни жалб этиш учун маданий ва дам олиш масканларининг мавжудлиги. 

Японияда инновацион фаолиятнинг ривожланиши XIX-аср охирларида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим вазирликлари томонидан экспериментал тадқиқот марказлари очилиши билан бошланган. Мамлакатда миллий инновацион сиёсат асосан Бош вазир ҳузурида тузилган фан ва техникани бошқариш қўмитаси томонидан амалга оширилган [2].

1983 йили Японияда “Юқори технологияларга асосланган саноат комплекслари асосида ҳудудларни ривожлантиришни кучайтириш тўғрисида” қонун қабул қилинди. Мазкур қонуннинг қабул қилинишига асосий сабаблар, бир тарафдан,  1973 йили бутунжаҳон нефть инқирозининг Япония иқтисодиётига салбий таъсири бўлган бўлса, иккинчи томондан, хусусий сектордаги инновацион тадқиқотлар борасидаги салоҳият фақат Токио, Осака ва Нагоя ҳудудида йиғилиб қолгани эди. Яъни ўша даврда мамлакатнинг хусусий тадқиқот ва конструкторлик бюроларининг 50 фоиздан ортиғи, лабораторияларнинг 80 фоизи, олимларнинг 70 фоизи, университет профессорларининг 60 фоизи ушбу ҳудудлар ҳиссасига тўғри келган [3].

“Юқори технологияларга асосланган саноат комплекслари негизида ҳудудларни ривожлантиришни кучайтириш тўғрисида” қонуннинг 3-моддасига кўра, унинг асосий вазифалари: 1) мамлакатда маҳаллий тадбиркорларнинг технологик даражасини кўтариш орқали янги (юқори технологияларга асосланган) саноатни ривожлантириш; 2) пасайиб бораётган ёки турғунликдаги ҳудудларни тадқиқот ва конструкторлик бюроларни ривожлантириш орқали иқтисодиётини жонлантириш; 3) ҳудудларда фуқароларнинг яшаш ва ишлаши учун уларнинг жозибадорлигини ошириш[4].

Ушбу қонунга асосан, технополис мақомига эга бўлиш учун маҳаллий давлат ҳокимиятлари қуйидаги талабларга жавоб беришлари лозим бўлган: 1) маълум бир даражада юқори технологияларга асосланган саноатнинг мавжудлиги ва унинг ўсиши учун имкониятлар юқорилиги; 2) давлат, университет, саноат ҳамкорлигида тадқиқот ва конструкторлик фаолиятини амалга ошириш учун салоҳият мавжудлиги; 3) ҳудудда юқори технологиялар соҳасида тадқиқотлар олиб борадиган давлат университетларининг мавжудлиги; 4) саноат учун ишлатиладиган сув ва жойларнинг мавжудлиги; 5)  транспорт инфратузилмаси (йўл ва аэропортлар) ва фуқаролар жойлашиши учун бўш ерларнинг мавжудлиги.

 “Технополис” мақомига эга бўлган ҳудудларда марказий ҳукумат томонидан солиқ имтиёзлари, узоқ муддатли, кам фоизли ёки фоизсиз кредитлар, автомобиль ва темир йўлларини қуриш ишлари амалга оширилган. Япониянинг қурилиш вазирлиги зиммасига технополислар жойлашган ҳудудларда саноат парклари, университетлар, тадқиқот ва конструкторлик бюролари учун иншоотлар ҳамда технополислар ходимларига уй-жой қуриш учун ер ажратиш вазифалари юклатилган.

Маҳаллий давлат ҳокимиятларига эса технополисларни қуришда асосий инфраструктура билан уни амалга ошириш функцияси юклатилган. Технополис жойлашган префектура ҳокимиятлари томонидан нодавлат нотижорат мақомида “Технологияни ривожлантириш ташкилоти” тузилиб, унинг асосий вазифалари тадқиқот ва конструкторлик фаолиятининг саноат билан ҳамкорлигини ташкил этиш, қўшма корхоналар тузишга кўмаклашиш, тадбиркорлик тузилмалари вакиллари учун ўқув курсларини ташкил этиш ва технополисни маҳаллий ҳамжамиятга таъсирини ўрганиш учун ижтимоий тадқиқотлар ўтказиб боришдан иборат бўлган.

1991 йилга келиб “Технополислар тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилиб, унда эътибор юқори технологияга асосланган саноатни жойлаштиришдан, ҳудудларнинг хусусиятлари ва салоҳиятидан келиб чиқиб, маҳаллий фирмаларни ҳамда саноат негизида юқори технологияларга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ривожлантиришга қаратилди.  

Технополис сиёсатининг натижасида, 1998 йилга келиб Японияда 33 та “юқори технологияларга асосланган саноат ҳудудлари” ва 34 та “юқори даражадаги тадқиқот билан шуғулланиладиган ҳудудлар” вужудга келди [5].

1995 йилда “Фан ва технологияларнинг асоси тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унинг муҳим вазифалари: университет ва саноатнинг ҳамкорликда тадқиқотларни олиб боришини такомиллаштириш ва улар ўртасида мутахассисларни айирбошлаш тизимини ривожлантириш; тадқиқот ва конструкторлик иншоотлари ва ускуналарини биргаликда ишлатиш тизимини ташкил этиш, тадқиқот ва конструкторлик марказларини дунёнинг энг юқори даражасига олиб чиқишдан иборат бўлган. Бу ҳужжат маҳаллий давлат ҳокимиятлари томонидан ҳудудларда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш масаласида бир қатор ваколатларни берди. Ушбу қонуннинг 4-моддасида маҳаллий давлат ҳокимиятлари ҳудудда фан ва технологияларни ривожлантириш борасида тегишли сиёсатни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши белгиланган. Шунингдек, 6-моддасида маҳаллий давлат ҳокимиятлари ҳудудда жойлашган университетларда тадқиқотларни фаоллаштириш борасида тегишли чораларни кўриши белгиланган [6]. Шу билан бирга, “Фан ва технологияларнинг асоси тўғрисида”ги қонуннинг 281-иловасига асосан маҳаллий давлат ҳокимиятлари мазкур йўналишдаги хорижлик тадқиқотчилар фаолиятини молиялаштириши белгиланган [7]. 

1997 йилда Японияда “Университет–саноат технологиялар трансферини ривожлантириш тўғрисида”ги қонун [8] қабул қилинди. Мазкур қонун университетларда яратилган технологияларни саноатга трансфер қилиш тизимини ривожлантиришга қаратилди. Бу қонун доирасида университетларга ўзларининг таркибида тадқиқот ва конструкторлик бюроларини ташкил этишга рухсат берилиб, ўз кашфиётларини тўғридан-тўғри амалиётга жорий этишга қаратилган тизим яратилди. 2008 йилга келиб, 43 та университет ўз таркибида конструкторлик бюролари (трансфер компаниялари)ни рўйхатдан ўтказган [9].

Ушбу университетлар таркибида тузилган “трансфер” компанияларининг асосий вазифаларидан бири, яратилаётган кашфиётлар учун бозорларни маркетинг қилиш, уларни сотиш борасида тегишли компаниялар билан алоқалар ўрнатиш ва амалиётга қўллаш борасида маҳаллий тадбиркорларни жалб этиш кабилардир. 

1999 йилда қабул қилинган “Саноатни қайта тиклаш тўғрисида”ги қонун эса маҳаллий компаниялар томонидан “тадқиқот ва конструкторлик фаолияти”ни ривожлантиришга қаратилди. Мазкур қонунга асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудудда жойлашган компанияларни инновацион фаолият билан шуғулланишларида университетлар билан ҳамкорлигини ҳамда улар томонидан яратилган кашфиётларини патентлаш ташкил этиладиган бўлди.

“Саноат технологияларини ривожлантириш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида маҳаллий давлат ҳокимиятлари, ўз ҳудудидаги маҳаллий хусусиятларни эътиборга олган ҳолда, саноат технологияларини ривожлантириш салоҳиятини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши белгиланган. Шу билан бирга, ушбу қонуннинг 6-моддасида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари саноат технологияларини ривожлантириш салоҳиятини оширишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлашда университетларда шу йўналишда фаолият олиб бораётган тадқиқотчиларнинг мустақиллигини таъминлаши лозим. Шунингдек, мазкур қонуннинг 12-моддасида бу соҳада яратилган кашфиётларни тадбиркорлик тузилмаларини топиш орқали амалиётга татбиқ этишни  (трансфер) таъминлайди.  Қонуннинг 14-моддасига кўра, маҳаллий давлат  ҳокимиятлари томонидан ташкил этилган жамоат тадқиқот марказлари маҳаллий бюджетлардан ажратилган маблағлардан ташқари жалб этилган грантлар ва бошқа манбалардан ажратилган маблағларни мувофиқлаштиради. Ушбу қонуннинг 15-модда 2-қисмида мазкур соҳада яратилган кашфиётларни трансфер қилган тадбиркорлик тузилмаларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари янги маҳсулотларини сотишга яқиндан ёрдам бериши лозимлиги кўрсатилган. Қонуннинг 16-моддасида мазкур соҳада тадқиқот олиб бораётган тадқиқот ва конструкторлик бюроларига маҳаллий давлат ҳокимиятига тегишли жамоат тадқиқот иншоотларидан  бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган [10].

Шунингдек, “Саноат технологияларини ривожлантириш тўғрисида”ги қонунда университет профессорларини университет таркибида тузилган “конструкторлик бюролари” ва стартапларнинг бошқарув кенгаши аъзолари бўлишларига рухсат берилди. Бунинг оқибатида, 2005 йилга келиб бевосита университетларда ташкил этилган стартаплар сони 1000 тадан ошган [11].

2002 йили қабул қилинган “Тадбиркорларнинг инновацион бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунда эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари инновация билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорларга қуйидаги хизматларни кўрсатиши белгиланди: 1) керакли юқори малакали ходимлар (инженер, химик-биолог ёки ИКТ ва бошқа мутахассислар)ни топиб бериш ва улар ойлигининг маълум қисми (учдан икки қисми) маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан қопланиши; 2) мутахассислар билимларини доимий равишда ошириш борасида тегишли чораларни кўради; 3) тадбиркорларнинг инновацион лойиҳаларни бошқариши борасида маслаҳатлар ва тренингларни ташкил этади; 4) илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда тегишли лабораториялардан ва ускуналардан фойдаланишларини ташкил этади; 5) уларга ҳамкорлар топиш борасида ёрдам беради.

Шу билан бирга, мазкур қонун доирасида Япониянинг бир қанча маҳаллий давлат ҳокимиятларида иннновацион технологияларга ихтисослашган хорижий тадбиркорларни ҳудудга жалб қилиш борасида, уларга ишлаб чиқариш ёки тадқиқот марказлари биноларини қуришлари учун субсидиялар бериш тизими жорий этилган. 

2001 йил Япония ҳукумати томонидан “Саноат кластерларини ривожлантириш” дастури қабул қилинган ва уни амалга оширишда иқтисодиёт, савдо ва инвестиция вазирлиги масъул қилиб белгиланган. Мазкур дастурнинг асосий ғояси, ҳудудларда инновацияни ривожлантиришда қулай бизнес муҳитни яратишдан иборат бўлиб, Япония ҳудудларининг рақобатбардошлигини оширишда, тадбиркорлик тузилмалари билан венчур фирмалари ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатган ҳолда, ИКТ, биотехнология, нанотехнология ва атроф муҳит технологиялари соҳасида инновацияни яратишни кўзда тутади.

Япониянинг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасига асосан, ҳар бир префектура ва муниципалитетлар мустақил равишда олий таълим муассасаси ва тадқиқот институтлари очиш ваколатига эга. Бу эса маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, ҳудуд ва аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, олий таълим муассасаларини ташкил этиш ва шу орқали юқори малакали кадрларга эга бўлиш билан бирга, тадқиқот ишларини ривожлантириш имкониятига ҳам эга бўлиши, ҳудудларда инновацион тадбиркорликни ривожлантиришида муҳим аҳамият касб этади.

Бизнинг мамлакатимизда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фаолият аксарият марказий ҳокимият томонидан амалга ошириб келинган бўлиб, мазкур соҳа 2018 йил январь ойигача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва технологиялар агентлиги томонидан мувофиқлаштириб борилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибидаги институтлар, тармоқ тузилмалари ҳузурида ташкил этилган илмий-тадқиқот институт ва марказлари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари томонидан баҳоли қудрат илмий янгилик ва кашфиётлар қилиниб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5264-сон Фармони [12] асосида инновация фаолияти билан шуғулланадиган алоҳида вазирлик ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ҳуқуқий ваколатларини таҳлил қиладиган бўлсак, илгари таъкидлаганимиздек, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг100-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш вазифаси юкланган. Шунингдек,  Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 27-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таълим муассасалари фаолиятининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлигини таъминлаши, таълим муассасаларини ташкил этиш ва тугатишлари белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги“ 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари кадрларни мақсадли тайёрлаш борасида буюртмачи эканлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 44-моддасида эса маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш ваколати белгиланган.

Бундан ташқари,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг инвестицияларни кенг жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги  ПҚ-3407-сон Қарорига асосан Тошкент шаҳри, вилоят, туман ва шаҳарларда ҳокимнинг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди,унинг ҳудудда инновацияни ривожлантириш борасида илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириши белгиланди [13].

Мазкур масаланинг долзарблиги ва кўпқиррали эканидан келиб чиқиб, мамлакатимиз ҳудудларида инновацион тизимни шакллантириш ва уни ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг қуйидаги йўналишларини таҳлил қилишни лозим топдик: 1) технологик бизнес инкубаторларни ташкил этиш ва улар фаолиятини ривожлантириш; 2) ҳудуддаги илмий тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг инновацион фаолиятини ривожлантириш; 3) венчур фондларни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш; 4) инновацион фаолият иштирокчилари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилишига кўмаклашиш.

Технологик бизнес инкубаторларни ташкил этиш ва улар фаолиятини ривожлантириш. Технологик бизнес инкубаторларнинг асосий вазифасига қуйидагилар киради: янги инновацион ғояларни излаш, уларни ўрганиш ва таҳлил қилиш; ғоя соҳиблари (ташаббускорлари)га тадқиқот фаолиятини олиб боришни ташкил этиш; уларга ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш ва бошқарувчанлик кўникмаларини оширишни ташкил этиш; кашфиётларни амалиётга татбиқ қилишга инвесторларни жалб этиш; яратилган технологияларнинг трансферини амалга ошириш ва тижоратлаштириш; янги маҳсулотга харидорларни излаб топиш ва сотишга кўмаклашиш.

Мазкур йўналишдаги тузилмани тузиш ва улар фаолиятини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига тўхталадиган бўлсак, уни қуйидаги шаклларда амалга ошириши мумкин. Биринчиси, ННТлар шаклида. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунига асосан маҳаллий давлат ҳокимиятларининг ННТлар тузишдаги иштироки тақиқланмаган. Иккинчи шакли, масъулияти чекланган ёки чекланмаган жамиятини тузиш орқали. Учинчиси, унитар корхона тузиш орқали. Тўртинчиси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббуслари билан ҳудуддаги маълум бир тадбиркор ёки жамоат бирлашмаларини бирлаштирган ҳолда уларни МЧЖ ёки ННТ шаклида қайта тузиши мумкин.

Ҳудуддаги илмий тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг инновацион фаолиятини ривожлантириш. Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг юқорида эслатилган 27-моддасидан келиб чиқадиган бўлсак, маҳаллий давлат хокимияти органлари маълум бир соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёжни Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилади ва бунда ҳудудда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларининг ички фаолиятига тўғридан-тўғри аралаша олмайди. Яъни, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳудудда инновацион фаолиятни ривожлантириш борасида тегишли олий таълим муассасаларидаги ўқув фани ва уларнинг сифатини назорат қилиш ваколати мавжуд эмас. Бу эса, маълум бир даражада, жойларнинг хусусияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга салбий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш борасидаги тартиб мавжуд эмас. Бу эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақил равишда тадқиқот фаолиятларини ташкил этиш орқали инновацияларни киритишига етарлича имкон бермайди.

Венчур фондларни ташкил этиш ва уларни ривожлантириш. Венчур фондларнинг асосий вазифаси янги инновацион ғоялар тадқиқотини молиялаштиришдир. Мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 14-моддасига асосан, бюджетдан ташқари фондлар ташкил этиши белгиланган. Лекин уларни ташкил этиш тартиби ва молиялаштириш манбалари аниқ белгиланмаган. Жойларда инновацион фаолиятни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан молиялаштириш имкониятининг сустлиги эса, охир пировардида, мамлакатимиз ҳудудларида инновациянинг ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан ҳудуд ва ҳудуддан ташқарида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар маблағларини бирлаштирган ҳолда венчур фондларни ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Инновацион фаолият иштирокчилари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилишига кўмаклашиш. Мазкур жараён ҳудуд инновацион тизимининг асосий бўғинларидан бири бўлиб, янги инновацион ғоялар тадқиқотларини молиялаш ва уларни тижоратлаш борасида маҳаллий ҳамда чет эл ҳамкорларни излаб топиш муҳим омил ҳисобланади. Бу борада, айниқса, чет давлатлардан ҳамкорларни излаб топиш ва инновацион фаолиятга жалб қилиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасида ҳокимнинг республика ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш кўриши белгиланган. Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари чет давлатлардан ҳамкор топиш ва алоқаларни ўрнатишни Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси орқали ҳам амалга ошириши мумкин. Бизнингча, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг чет эл мамлакатларидан ҳамкорларни излаш ва алоқаларни ўрнатиш борасидаги ваколат ва эркинликларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, ҳудудларда инновацион тизимни ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларини кенгайтириш бўйича қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

Биринчиси, “Олий таълим тўғрисида”ги Низомга 641-банд киритилиб, унда қуйидагилар ёритилиши лозим: маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудлардаги олий таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади; маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва олий таълим муассасалари ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади. Мазкур банднинг киритилиши, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига олий таълим муассасалари салоҳиятини оширишга ва улар  фаолиятини ривожлантиришига кўмак беради ҳамда инновацион тадқиқот ишларини биргаликда олиб бориши учун ҳуқуқий замин яратади. 

Иккинчиси, Ўзбекистон Республикасининг«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 44-моддасига қуйидаги қўшимчани киритиш лозим: “...инновацион тадбиркорликни моддий ва ташкилий қўллаб-қувватлайди”. Мазкур норма билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг технологик бизнес инкубаторларни ташкил этиш орқали инновацион тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашиши учун ҳуқуқий имконияти янада кенгаяди.

Учинчиси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг илмий тадқиқот фаолиятини молиялаштириш борасида махсус “венчур” фондлари ташкил этиш ваколатига эга бўлиши муҳим аҳамият касб этишини эътиборга олган ҳолда, бугунги кунда жамоатчилик муҳокамасида бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 20-моддасига қуйидагиларни  киритишни таклиф этамиз: “маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ҳудудда инновацияни ривожлантириш жамғармасини тузади”. Ушбу норманинг киритилиши билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳудуд имконияти ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, илмий тадқиқот ишларини тўғридан-тўғри ёки мазкур жамғармаларнинг молиявий маблағлари асосида давлат-хусусий шерикчилик шаклида ташкил этиладиган “венчур” ташкилотлари орқали молиялаштириш имкониятига эга бўлади.

Тўртинчиси,ҳудудларда инновацион фаолият иштирокчиларининг функционал вазифаларидан келиб чиқиб, уларни доимий равишда малакаларини ошириб борадиган “Инновацион таълим маркази”ни тузиш лозим. Мазкур Марказни бевосита Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий таълим вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу марказ технологик бизнес инкубатор, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари, “венчур” ташкилоти ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутасадди ходимларининг билимларини замонавий технологиялар асосида доимий равишда ошириб бориш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, ҳудудга юқори малакали ҳодимлар келиши ва уларни ҳудудда яшаб қолишини таъминлаш, ҳудуднинг ишлаш ва яшаш учун жозибадорлигини ошириш борасида ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли чораларни кўришлари лозим. Бу борада ҳам улар маълум  даражада ваколатларга эга бўлишлари талаб этилади.

         Юқорида берилган таклифларнинг ҳаётга самарали тадбиқ этилиши, бизнингча, ҳар бир ҳудудга, унинг имконияти ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, мустақил тарзда инновацияларнинг кириб келишига ҳамда ҳудуднинг рақобатбардошлигининг ошишига хизмат қилади.

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати

  1. The global competitiveness report 2001-2002.
  2. The Dynamics of Regional Innovation: Policy Challenges in Europe and Japan (Innovation and Knowledge Management) by Yveline Lecler, Tetsuo Yoshimoto, Takahiro Fujimoto WSPC 2011 p. 47
  3. Technological innovation, national urbanpolicy and local development:policy implications of the concept of technopole and japan’s technopolisprogramme for developing countries by Kousuke Araki, 2000 p-12
  4. Technopoles of the World: The Making of Twenty-first-century Industrial Complexesby Manuel Castells, Peter Hall, Peter Geoffrey HallRoutledge, 1994. P-36
  5. The Dynamics of Regional Innovation: Policy Challenges in Europe and Japan (Innovation and Knowledge Management) by Yveline Lecler, Tetsuo Yoshimoto, Takahiro Fujimoto Wspc 2011 p. 56
  6. The Science and Technology Basic Law (Law No. 130 of 1995. Effective on November 15, 1995) article 4, 6.
  7. White Paper on Science and Technology 2008 281 Appendix.
  8. TLO law of Japan
  9. The Dynamics of Regional Innovation: Policy Challenges in Europe and Japan (Innovation and Knowledge. Management) by Yveline Lecler, Tetsuo Yoshimoto, Takahiro Fujimoto Wspc 2011 p. 204.
  10.  Industrial Technology Enhancement Act (Act No. 44 of 2000)
  11. The Dynamics of Regional Innovation: Policy Challenges in Europe and Japan (Innovation and Knowledge Management) by Yveline Lecler, Tetsuo Yoshimoto, Takahiro Fujimoto Wspc 2011 p. 205
  12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг инвестицияларни кенг жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги  ПҚ-3407-сон Қарори // www.lex.uz
  13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-5264-сон Фармони// Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2017 й., 06/17/5264/0339-сон

Copyright © 2025 - Все права защищены.

Сайт работает в тестовом режиме.

Автор: abduhalilbek